Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ҚИМИРЛАГАН ҚИР ОШАР

Бекорчидан Худо безор, деб бежиз айтишмайди. Чунки иш билан банд бўлмаган одамнинг онгини эгаллаш, алалоқибат исталганча бошқариш мумкин. Фойдали машғулотга берилмаган кишининг ўзи ҳам на ҳаётидан, на турмушидан рози бўлади. Касаба уюшма ташкилотлари айрим юртдошларимиз ҳаётидаги шундай ёқимсиз ҳолатга барҳам беришни мақсад қилаётгани кейинги пайтлардаги ҳаракатлар шитобидан аён бўлиб бормоқда. Наманган вилоятида ҳам бу борада янгича ёндашув амалга оширилмоқда. хусусан, Наманган туманидаги “Ибрат” ва “Хўжақишлоқ” МФЙда уюшмаган ҳамда иш билан банд бўлмаган ёшлар орасида мулоқот учрашуви ташкил этилди.

Мулоқотга тайёргарлик асносида тумандаги тармоқ касаба уюшма кенгаш раислари  400дан ортиқ хонадонга манзилли ташриф буюриб, мазкур хонадонлардаги  ижтимоий-маънавий муҳит,  оилалардаги  муаммо ва камчиликларни батафсил ўрганишди. Ўрганиш чоғида 135 нафар 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган иш билан банд бўлмаган ёшларнинг қизиқишлари, келажак режа ва ташаббуслари билан қизиқишди. Қалбида ўти бору имконини қила олмаётган айрим йигит-қизларга тегишли йўл-йўриқ кўрсатилиб, кези келганда ёрдам қўли узатилди. Боқимандалик кайфиятига берилиб қолган айрим ёшларга эса ғайрат ва ҳавас учун маҳалланинг ўзидан кўплаб намунали оилалар ҳаёти мисол қилиб кўрсатилди. Қалбига бир мисқол чўғ ташланган ёшларнинг оловмисол “Мен кўп нарсага қодирман!” деган шаҳди мулоқотнинг навбатдаги босқичи — 20-мактаб биносида ўтказилган йиғилишда янада яққол кўзга ташланди.

Касаба уюшма вакиллари, тумандаги Агробанк, Халқ банки,  Микрокредитбанк, Давлат солиқ инспекцияси раҳбарлари,  туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари, “Ибрат” ва “Хўжақишлоқ” МФЙ раислари ва маслаҳатчилари, шунингдек, 130 дан ортиқ иш билан таъминланмаган ёшлар ушбу йиғилишда фикр ва тажриба алмашишди. Йиғилишни касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси раиси З.Маҳкамова олиб борди.

  • Бугун ҳаётимиз янгича босқичга кўтарилганини, ҳар бир фуқаронинг қалбида ўзгача иштиёқ жўш ураётганини шу учрашув мисолида кўргандек бўлдим, — дейди маҳалла ёшлари номидан фикр билдирар экан Музаффар Луқмонов. — Ишлай десак, иш йўқда, деб ўтираверган эканмиз. Аслида ҳамма ерда имконият, даромад қилишнинг шунча йўллари бор эканлигини бугун қатор ташкилот раҳбарларининг шахсан ўзи келиб бизга англатишди. Дастмоя керакми, банк мададкор, амалий ва назарий ёрдамга муҳтожмисиз, касаба уюшмалари ортимизда бел боғлаб туришибди. Миннатдорчилигимизни очиқ айтай, қонунчиликдаги имтиёзларимиздан тортиб, қаерга мурожаат қилсак, ишимиз янада самарали бўлишигача, ҳатто қизиққан соҳамизда йўл-йўриқ кўрсата оладиган тажрибали кишиларгача кўрсатиб, иш бошлашимизга керакли шароитни яратиб ҳам беришяпти. Биздан эса шу йўлни маҳкам тутиб, ҳукуматимизнинг ғамхўрлигини тўғри англаб, аввало, оиламиз, шунингдек давлатимиз ривожига, тотувлигига, тўкинлигига ҳисса қўшишдан иборатдир.

Йиғилиш чоғида “Микрокредитбанк” туман филиали раҳбари Боситхон Жўраев сўзга чиқиб, бугун кунда банкларга Юртбошимиз томонидан берилган топшириқлар ижроси тўғрисида, айниқса ёшларга, аҳолининг кам таъминланган қатламларига берилаётган банк кредитларини бериш тартибларига тўхталди.

  • Мазкур ҳудуддаги ёшларга ва аҳолига қулай бўлиши учун маҳалла биносида хар куни бир нафар ходимимиз банк кредитлари масаласи бўйича шуғуланиб, керакли хизматни кўрсатади, — дея маълум қилди ўз сўзида Б.Жўраев.

Туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари И.Ҳошимов эса ўз сўзида ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериш билан бирга, янги яратилаётганлари ва улар учун зарур ихтисосликлар ҳақида ҳам ахборот берди.

Йиғилишда уюшмаган ёшлар билан ишлаш ҳудудий комиссиялари тузилиб, уларнинг таркиби тасдиқланди ҳамда иш режалари ва қабул кунлари белгилаб  олинди. Комиссия таркибига “Камолот” ЁИҲ, меҳнат, банклар, касаба уюшмалари, ички ишлар, солиқ ва бошқа идоралар вакиллари  киритилди. Уларга амалга оширилган ишлар юзасидан мунтазам ахборот бериб бориш вазифаси юклатилди. “Ибрат” ва “Хўжақишлоқ” МФЙ ҳудудида яшовчи ташаббускор бўлган ёшлардан “Ёшлар лидерлари” этиб “Ибрат” МФЙ га Диёрбек Йўлдашев, “Хўжақишлоқ” МФЙга Жалолдин Тошбоев сайланди. Ишчи гуруҳ ва “Ёшлар лидерлари”га “Ибрат” ва “Хўжақишлоқ” МФЙ ларида истиқомат қилувчи фойдали иш билан банд бўлмаган ёшларни иш билан таъминлаш ҳамда маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича иш режа тузиб, шу асосида доимий фаолият юритиш фазифаси юкланди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов хотирасига бағишланган “Доимо хотирамиздасиз, Биринчи Президентим!” ҳамда  диний экстремизм ва унинг салбий оқибатлари тўғрисидаги “Қалтис қадам ёхуд ватанфурушлар” видеофильмлари намойиш этилди. Бўш иш ўринлари ярмаркаси, турли хил тарғибот плакатлари ҳам иштирокчилар учун фойдали бўлди.

Бу каби мулоқот учрашувлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам режа асосида ўтказилади.

***

Йиғилишдан сўнг айрим иштирокчиларнинг таассуротлари билан ўртоқлашдик:

Мадина МИРЗАҲМЕДОВА:

  • Бизга шунчалик жон койитаётган, Биринчи Президентимизнинг хайрли ишларини давом эттирган ҳолда ёшларга катта ишонч билдираётган юртбошимизга ва бугунги йиғилиш ташкилотчиларига миннатдорчилигимни билдираман. Бугунги фикр ва рағбатлардан сўнг чеварчилик ҳунаримни бизнес даражасига олиб чиқишни мақсад қилдим. Банкдан кредит олиб, чеварчилик фаолиятимни кенгайтираман ва дугоналаримни ҳам иш билан таъминлашга ҳаракат қиламан.

Диёрбек ЙЎЛДОШЕВ:

  • Бугунги йиғилиш нафақат ёшларимизга, балки маҳалламиздаги катта ёшдаги ишсиз фуқароларимизга ҳам жуда фойдали бўлди. Бугунги кунда уйида қорамол боқиш билан шуғулланаётган, лекин давлат рўйхатидан ўтмаган фуқароларимиз давлатимиз қарори билан бандликдан рўйхатдан ўтиб, меҳнат дафтарчалари очтиришлари, келажакда пенсия олиш учун меҳнат стажига эга бўлишлари ҳақида маълумот олдик. Бу ҳам давлатимизнинг халқпарвалигига яна бир исботдир.

Шарифжон СУЛТОНОВ:

  • Мен ҳам шу маҳаллада яшайман, хонадонимда 15 сотих иссиқхона қурганман, унда помидор, бодринг ва турли кўкатлар етиштираман. Оиламизда ҳамма шу иш билан банд, ҳеч ким чет элга иш қидириб чиқмаган ва чиқмайди ҳам. Шу меҳнат орқасидан янги замонавий уйлар қурдик, машинали бўлдик ва фарзандларимга тўйлар қилдик. Йиллик даромадимиз 20 миллиондан ортиқ. Бундай шарт-шароит ҳеч қачон бўлмаган. Шунинг шукрини қилиб, меҳнат қилсак бас. Бугун банк ходимларидан янгиликларни эшитдик, имтиёздан фойдаланиб, кичик ўғлимнинг уйига банк кредити ҳисобидан иссиқхона қуришга қарор қилдим. Бундан ҳеч чўчимаслик керак, бугун ким камбағал фақат дангаса камбағал. Ёшларимизга насиҳатим: имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорликнинг ўзингиз қизиққан турини танланг ва вақтни ўтказмай меҳнат қилинг, шунда ҳаммаси аъло даражада бўлади.

Дилдора РАҲМОНОВА,
Ishonch мухбири

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!