КАСАБА УЮШМА МАКТАБИ
- Янгиликлар
Ҳар бир соҳадаги муайян ютуқ, тажрибаларни турли шаклдаги ўқув-семинар, тренинглардан ўрганиш барчага маълум. Айниқса, ишлаб чиқариш соҳасида бу кенг тарқалган тажриба услубларидан ҳисобланади.
Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси томонидан ўтказилаётган уч кунлик ўқув машғулотларида эса айнан бошланғич ташкилот касаба уюшма қўмитаси раислари ўз билимини бойитиб боришмоқда. Кўпчилик фаолларимизнинг эътирофидан маълумки, ушбу ўқувлар том маънода «Касаба уюшма мактаби» сифатида кўпчиликка йўлчироқ вазифасини ўтамоқда.
Ташкилий, меҳнат муҳофазаси, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ифодалаш амалиёти, қонуний ҳуқуқ ва бурчларини англатиш жараёнлари тегишли бўлим мудирларининг назарий ва амалий дарс соатларида мустаҳкамланиб бормоқда.
Бизнинг корхонамиз унда ишловчи ходимлар манфаатини самарали ифода этишда ушбу ўқувнинг аҳамияти чексиз бўлишига амин бўлдим.
Хусусан, айни пайтда корхонамизда 120 нафар ишчи ходим меҳнат қилаётган бўлса, улардан 17 нафарини аёллар, 33 нафарини ёшлар ташкил этади. Бу эса турли тадбирлар, ҳужжатларда уларнинг манфаатини изчил ҳимоя этишимизни талаб этади. Ўқувда бу борада ўзини оқлаган тажрибалар билан яқиндан танишдик. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнининг янада самарали бўлишига омил бўлади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, корхонамиз «Ўзбекистон темирйўллари» ДАК учун турли ўлчамдаги шуруп, ҳар хил қувватдаги трансформатор, қуруқ ва сувли найсимон электр иситкич (яъни ТЭН), автомат шлагбаумлар ишлаб чиқаради. Демакки, иқтисодиётда ўз ўрнига эга корхона ўз ходими учун ҳам муносиб шароит яратади. Бу жараёнда касаба уюшма ҳамиша камарбастадир.
Асқар МАЪРУФХОНОВ,
«Электротерм» АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси
Д.Рахмонова уюштирди.