ЎҒЛОНЛАР ҲИМОЯГА ОТЛАНИШДИ
- Янгиликлар
Чин эркак хусусида гап кетганда, ҳамиша унинг ҳимоячи, яқинлари учун паноҳ эканлигини эсга оламиз. Зеро, инсон Ватан аталмиш ошён қадрини англаган чоғидан бошлаб, уни ҳимоя этишга, ўзгаларнинг ёвуз ниятлари, тажовузларидан омон сақлашга интилиб яшаган. Оилада ўғил фарзанд дунёга келса, ўзгача шодликка дўнамизки, “Энди эшигимиз эгали, остонамиз ҳимояли бўлди”, деб. Аллома шоиримиз Ғафур Ғулом битганидек:
Йигит омон бўлса, хавфу-хатар йўқ,
Қалқон бор, қалъа бут, қўрғон саломат.
Қизлар кулгусида авжу даромад,
Чоллар уйқусида жаннат, фароғат.
Наманган вилояти Мудофаа ишлари бошқармасида ташкил этилган кузатув маросимида иштирок этарканмиз, аскарлик ҳаётини бошлаётган шижоатли ўғлонларга ҳавасимиз келди. Бироз ҳаяжон, улкан масъулият ҳиссидан энтикиш қалбда қарор топган шаҳдга бир зум бўлса-да, соя солмаслигини кузатиш ўзгача завқли. Зеро, тафаккури чархланган, билагида кучи жўшаётган шу йигитлар сабаб мамлакатимизда барқарор тинчлик тантанаси давом этажак. Келажакда қудратли армиямиз тарбиялаган шу ёвқур ўғлонлар турли соҳаларда Ватаннинг оғирини енгил қилажак.
- Поп туманидаги 50-МТМда ҳамшира бўлиб ишлайман, — дейди Зумрад Мўминова. — Муассасамиздаги жажжи болажонлар аскарликка ҳозирданоқ ҳавас қилишларини кўп кузатаман. Бугун ўзимнинг ўғлим Шоҳруҳбек Шокиров ҳам тегишли жисмоний тайёргарлик, тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, армия сафида Ватанимизни қўриқлаш учун йўлга отланмоқда. Аскарлик кийими бирам ярашиб турган ўғлимни кўриб, очиғи, жуда фахрланмоқдаман. Бош фарзандим, 20 ёшни қаршилаётган Шоҳруҳбек укаларига намуна бўлиб, юрт хизматига шайланмоқда. Ҳар қадамидан Ватанимиз огоҳ унинг. Шуни ўйлаб, қалбим таскин топмоқда. Она учун энг катта бахт: фарзандининг бахту иқболи, толе камолининг кулишидир. Вилоятимизда бир ўринга 21 нафардан номзод аскар деган шарафли номга эришиш учун тегишли синовлардан ўтишди. Мардлар панжа олишган шу мусобақада боламнинг иқболи порлаганидан, мустақил юртимиз унга ишонаётганидан хурсандман. Бугун ўғлини хизматга кузатаётган барча оналар мен каби бахтиёрдир.
Дарҳақиқат, Зумрад опа ифтихор этган жиҳатлар, мустақил армиямизнинг бугунги салоҳияти ва янгича такомиллашув жараёни тантанада иштирок этган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан ҳам эътироф этилди. Шунингдек, Ватан сарҳадларини ҳимоя этиш учун отланаётган 85 нафар йигитга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг санитар-гигиеник воситалари ҳамда китоблар тўплами туҳфа этилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакили Шахбоз Саидханов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этиб, ҳарбий хизматга отланаётган мард ва жасур ўғлонларни самимий қутлашди.
Дилдора РАҲМОНОВА,
“Ishonch” мухбири