Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ҚУЧОҚ ОЧИБ ХАЛҚ ИЧИГА БОРАЙЛИК!

Эрксевар шоир Чўлпоннинг шу сатрларини ҳар гал хаёлимдан ўтказар эканман, беихтиёр халқнинг нақадар қудратли, кўп ишга қодир эканлигига амин бўлавераман. Зеро, халқи бугунидан рози, келажагидан кўнгли тўқ давлатгина дунёда барқарор бўлаверади. Бунга ўз тарихимиздан қайта-қайта мисол топаверамиз: темурийларнинг довруғи нега бутун дунёни тутганди? Чунки бу сулола ҳукмронлик қилган чо-да халқ ўз ҳаёт тарзидан рози эди. Бобур ва унинг авлодлари нега туркий подшоҳ бўла туриб ҳам ҳиндийларнинг ардоғидан тушмади? Чунки улар авомнинг манфаатини биринчи ўринга қўйишган эди…

Мамлакатимизда айни пайтда олиб  борилаётган эзгу ишлар, ривожланиш палласининг янгича шиддатини кўриб, шу жараён ичида ҳаракатлана туриб, тарихнинг ўша олтин зарварақларини ёдга олмоқдамиз. Чунки Президентимиз ҳар бир маъруза, ҳар йиғилишларида бот-бот халқнинг розилиги энг улуғ саодат эканлигини таъкидламоқда. Бу сўзларнинг илк исботи сифатида янги йилимизга «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» дея ном берилди. Зеро, халқи билан мулоқот қилган, самимият кўпригини мустаҳкам қилолган ҳукуматгина келажак ҳақида аниқ мақсадларни белгилай олади. Одамлар нимани истаётганлигини билган раҳбар ўз устида ишлаш асносида фақат муваффақият қозонади. Шу ҳақиқатга амал қилиб, йил аввалидаёқ кўпчилик раҳбар кадрлар сингари «Вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси раисининг виртуал қабулхонаси»ни ишга туширдик. Ҳар ойда биттадан туманда сайёр қабул кунларини ўтказишни бошладик. ҳар бир ташкилотда иш берувчи билан ёнма-ён туриб, меҳнаткашларни қизиқтираётган саволларга жавоб, муаммоларга ўз жойида ечим топишга интилмоқдамиз. Чуст туманида ўтган қабул чоғида ҳам меҳнаткашлар, шунингдек, тадбиркорликни бошлаш арафасида турган бир гуруҳ хотин-қизлар билан мулоқот қилдик. Юртдошларимизнинг қалбида ўзгача шижоат, ишонч порлаётганига амин бўлдик. Бу жараёнда биз ҳам бевосита иштирокчи эканлигимиз, одамларга керак бўлаётганимиз зиммамиздаги масъулиятни янада оширмоқда. Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Самарали меҳнат учун зарур шароитлар, муносиб иш ҳақи, замонавий уй-жойлар, сифатли таълим ва тиббий ёрдам, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш – буларнинг барчаси иқтисодий соҳадаги ислоҳотларимиз моҳияти ва мазмунини белгилаб берадиган муҳим омиллардир», дея қатъий таъкидлади. Мазкур омиллар эса, «Инсонга наф келтириш – олий бахт» шиори остида ҳаракатланувчи касаба уюшмаларининг пировард мақсадларига ҳамоҳангдир.

Бундан кейинги ишларимизда ҳам юртдошларимиз розилиги, эзгуликларга хайрихоҳлик кайфиятини мустаҳкамлаш асосий ўринда бўлади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, «Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади».

Зулайҳо МАҲКАМОВА,

Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси,

Халқ депутатлари Вилоят кенгаши депутати

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!