“Истиқлол ғунчалари” кўрик танловида энг истеъдодлилар аниқланди
- Янгиликлар
Ёш авлодни бадиий ҳаваскорликка ва санъатга жалб этиш орқали уларда Ватанга муҳаббат, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, миллий ва маданий анъаналарга ҳурмат туйғуларини, эстетик дидни шакллантириш орқали ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларига ҳисса қўшиш, маданият муассасаларида фаолият юритаётган болалар бадиий жамоаларидаги иқтидорларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида вилоят хокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, ҳамда вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 26 октябр куни Наманган шаҳар 11-сонли мусиқа ва саньат мактаби катта концерт залида “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танловининг республика минтақавий босқичи ўтказилди.
Унда Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларидан ғолибликни қўлга киритган энг истеъдодли, санъатни жону дилидан севувчи 50 нафардан зиёд ўқувчи ёшлар иштирок этишиб, катта саҳнада, бутун зал тўла томошабин олдида ўзларининг бор маҳоратларини намойиш этишди.
Ушбу танловда анъанавий ижрочилик, эстрада қўшиқчилиги, якка чолғу ижрочилиги, ансамбль чолғу ижрочилиги, якка рақс ижрочилиги, жамоа рақси ижрочилиги йўналишларида миллий-мумтоз, Ватан, истиқлол, тинчлик, бахтли болалик мавзуларидаги асарлардан намуналар ижро этилди.
Бир сўз билан айтганда, кўрик-танлов чин маънода ҳақиқий санъат байрамига айланиб кетди. Миллий ва халқона қўшиқлар оҳангини ҳис этиб куйланган ҳар бир ижродан сўнг томошабинлар беихтиёр ижрочи ёшларга тасаннолар айтишди. Шунингдек, эстрада жанрида куйланган қўшиқлар, раққоса қизларнинг хироми ва кичкинтой созандаларнинг ҳар бир чиқиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
- Биз ушбу танловда хитойча рақсимиз билан қатнашиб, жамоавий рақсда биринчи ўринни қўлга киритдик, — дейди Андижон вилоятидан келган раққоса қизлар. — Бу каби танловларда иштирок этиб, кўплаб дўстлар орттирдик. Шу ўринда ташкилотчиларга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.
Танловда барча йўналишлар бўйича иштирокчиларнинг ижро маҳоратлари ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан одилона баҳоланди.
Ғолибларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.