БОЛАЛИКНИНГ БОҒЛАРИ ГЎЗАЛ
- Янгиликлар
Истеъдодлар ҳамиша инсонни лол қолдиришга мойил бўлади. «Истиқлол ғунчалари» кўрик-танловининг Наманган вилоят босқичи иштирокчиларини кузатар эканмиз, иштирокчиларнинг шижоат-ла чақнаган кўзларига, устозлардан ўрганганларини ишонч билан саҳнада намойиш этишларига беихтиёр асир бўлдик. Санъатга ошуфталик билан болалигини, қолаверса, бутун умрини безаётган болажонлардан 62 нафари тўрт йўналишда ўз маҳоратларини кўрсатишди.
Ҳар бир мусиқа асбобини муболағасиз «сайратаётган», ҳаракатлари
ўзига ярашиб хиром этаётган, овози киши кўнглига завқ улашаётган жажжиларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор, билим ва иқтидорини ошириш учун йўналтираётган маблағ бесамар кетмаётганлигига амин бўлдик.
Ҳар бир чиқиш нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан адолат билан баҳоланиб борди. Натижаларга кўра, ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилинди. Хусусан, Жавоҳир Боймирзаев анъанавий ижрочилик, Сардорбек Мирзаабдуллаев эстрада қўшиқчилиги, Муштарий Фахриддинова якка ва жамоа рақси ижрочилиги ҳамда Чуст созандалар ансамбли якка ва ансамбл чолғу ижрочилиги йўналишларида биринчиликни қўлга киритишди. Касаба уюшмаларининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланган ғолиблар республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилишади.
Иштирокчиларидан бири куйлаганидек, «Болаликнинг боғлари гўзал». Дарҳақиқат, унда очилган гуллар фақат бахтдан сўйлайди. Бу каби танловлар ва ундаги иштирок эса бир умрга гўзал эсдалик бўлиб қолади.