ИҚТИДОРЛАР КЎЗ ОЧГАНДА
- Янгиликлар
Истиқлол сабаб юртимизда ҳар жабҳада юксалиш, тараққиёт, янгиланиш сезилгани барчамизга аён. Айниқса, келажак эгалари бўлмиш болажонларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва истеъдодларини ривожлантириш борасидаги ҳар бир фаолият тубдан ислоҳ қилиниб, янги тизим яратилди. Бу борада касаба уюшмаларининг фаолиятида ҳам янгиланишлар кўзга ташланди. Маданият ва аҳоли дам олиш марказларида фаолият юритаётган болалар бадиий жамоалари ва якка ижрочилари ўртасида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танлови шулар жумласидан.
Санъатни севган, унга меҳр қўйган инсон қалби ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга ошуфта бўлади. Шу мақсад сари интилган болажонлар куй-қўшиқ, рақсга шайдолик орқали бадиий дидини юксалтиришмоқда, қолаверса, атрофдагиларга маданий ҳордиқ онларини улашишга муяссар бўлишмоқда. Бу борадаги ҳавас, интилиш ва мақсад қатъийлиги намоён бўлган туман босқичи баҳсларида вилоятда иштирок этувчилар номи аниқланди.
– “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида шаҳар, туман касаба уюшмалари кенгашлари ҳамда туман маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамкорлигида кўрик-танловнинг биринчи босқичини ўтказдик, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари касаба уюшмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мутахассиси Қосимжон Холбоев. – Унда маданият ва аҳоли дам олиш марказларида фаолият юритаётган болалар бадиий жамоалари ва якка ижрочилари ўртасида миллий қадриятларимизни улуғлаш, юртимиз шаъну шарафини юксалтириш, ёш ижрочилар орасидан истеъдод соҳибларини аниқлаш, етук ижролар яратаётган иқтидорли ўқувчи ёшларни рағбатлантиришга алоҳида ёндашилди.
Кўрик-танловда маданият ва аҳоли дам олиш марказларининг 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар бадиий жамоалари ҳамда якка ижрочилари иштирок этдилар. Кўрик-танловнинг шаҳар, туман босқичларида 250 нафардан зиёд иштирокчилар анъанавий ижрочилик, эстрада қўшиқчилиги, якка чолғу ижрочилиги, ансамбль чолғу ижрочилиги, якка рақс ижрочилиги, жамоа рақси ижрочилиги йўналишларида миллийғмумтоз, Ватан, истиқлол, тинчлик, бахтли болалик мавзуларидаги асарлардан намуналар ижро этдилар.
Ўтказилган кўрик-танловларда барча йўналишлар бўйича иштирокчиларнинг ижро маҳоратлари ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан одилона баҳоланди.
– Танловнинг анъанавий ижрочилик йўналишида Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов басталаган «Фаввора» куйини ижро этдим ва ғолибликни қўлга киритдим, – дейди Норин туманидаги 2-мактаб ўқувчиси Баҳриддин Шаҳобиддинов. – Устозларимдан ўрганганларим қўл келиб, иқтидорли тенгдошларимданғда аълороқ чиқиш қилишга эришдим.
Тадбир натижаларига кўра 4 та йўналиш бўйича 4 нафардан ғолиблар аниқланиб, навбатдаги босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Шунингдек, шаҳар, туман касаба уюшмалари кенгашларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.