ЯНГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР
- Янгиликлар
Хабарингиз бор, 2022 йилнинг 29 октябрь куни янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат олти ойдан сўнг жорий йилнинг 30 апрелида кучга киради ва 1995 йилдан бери амалда бўлган Меҳнат кодексининг ўрнини эгаллайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган янги таҳрирдаги ушбу кодекс 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Намаган шаҳар бўлинмаси кенгаши тизимдаги ишчи-ходимларга тармоқлар орасида биринчилардан бўлиб, янги кодекснинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, ундаги ўзгаришлар, келтирилган шарҳлар тўғрисида батафсил маълумот бериш мақсадида давра суҳбатини ташкил қилди.
Унда Наманган шаҳар халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимлари мудирлари, тизимдаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари директорлари, тармоқ кенгашининг бошланғич касаба қўмитаси раислари ҳамда ҳуқуқий соҳа вакиллари иштирок этишди.
—Янги Меҳнат кодексининг электрон шакли ва унга шарҳлар тарғибот учун барча ташкилотларимизга етказилган бўлиб, ҳозирда жойларда тушунтириш ишларини бошлаб юборганмиз, — дейди Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Намаган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси Акмал Умаров. — Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини қуйи ташкилотларга етиб боришини кўзлаб ташкил этилган бугунги давра суҳбатида янги таҳрирдаги 120 дона Меҳнат кодекси амалда фойдаланишлари учун иш берувчиларга тарқатилди.
Давра суҳбатида ҳуқуқий соҳа вакиллари янги Кодексга кўра, меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш ҳамда аёлларга берилган қўшимча ҳуқуқлар борасида алоҳида тўхталиб ўтишди.
Кодексдаги янгиликлардан яна бири йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календарь куни этиб белгиланди ва халқаро стандартга мувофиқлаштирилди. Илгари таътил 15 иш кунидан давом этарди. Шунингдек, Меҳнат кодексида ходим билан тузиладиган меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари кенгайтирилиб, унга кўра, ходимнинг пенсия ёшига етганлиги сабабли иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиниши тақиқланди.
Орзугул РУСТАМОВА,
“ISHONCH”