ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИГА ҚЎЛЛАНГАН НОҚОНУНИЙ ЖАЗО
- Янгиликлар
Поп туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари М.Қурбонова ҳамда Г.Иброҳимовалар меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги важи билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Наманган вилояти бўйича Меҳнат инспекциясига мурожаат қилишди.
Ўрганишларга кўра, иш берувчи томонидан бу иккала ходимга ноқонуний равишда ўртача ойлик маошининг ўттиз фоизи миқдорида интизомий жазо тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқарилган.
Қизиғи, ушбу буйруққа Поп туман Адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида ҳуқуқий хулоса ҳам берилган.
Маълумки, ишга олинган ҳар бир ходим, энг аввало, ички меҳнат тартиб-қоидалари билан таништирилиши иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади. Меҳнат интизоми тартибларидан бехабар ходимларга мазкур қоидаларнинг бузилиши баҳонаси билан жазо чоралари қўлланилиши эса юлғичликдан бошқа нарса эмас.
Иш берувчининг яна бир хатоси ўша юридик хизмат кўрсатиш маркази тасдиқлаган буйруқда амалдаги меҳнат қонунчилигида акс этган ҳеч қандай модда ва бандлар асос қилиб келтирилмаган.
Меҳнат инспекцияси иш берувчининг юқоридаги буйруғи ноқонуний эканлигини асослаган ҳолда, ходимларга ушланиб қолинган ойлик иш ҳақлари вақтида ундириб берилди.
Орзугул РУСТАМОВА,
“ISHONCH”