БЕЛИ СИНГАН МАКТАБ ХОДИМИГА ТОВОН ТЎЛАНДИ(МИ?)
- Янгиликлар
Мингбулоқдаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида мавсумий ўт ёқувчи бўлиб ишлаб келган Абдулбоқи Даминов ўтган йилнинг февраль ойида иссиқлик қозонидаги сув қуйиш идишини назорат қилгани мактаб томига чиқиб, эҳтиётсизлик сабабли пастга қулаб тушган. Оқибатда оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ишлаб чиқаришдаги бу бахтсиз ҳодиса туфайли қўл-оёқлари ҳамда белидан жиддий шикастланган ишчининг ҳолатидан вақтида хабардор бўлган Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Мингбулоқ тумани бўлинмаси кенгаши вазиятни ўз қўлига олиб, ходимга етган зарарни ундириш мақсадида мактаб директорига ёзма мурожаат билан чиқди.
—Қонунчиликда иш берувчи иш пайтида ходимнинг соғлигига меҳнат жароҳати билан етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлади. Иш берувчи, меҳнат жароҳати ёки бошқа меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ равишда ходим соғлигига етказилган зарарни, агар у етказилган зарар учун ўзининг айбдор эмаслигини исбот қила олмаса, тўлаб беришга мажбур, — дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Мингбулоқ тумани бўлинмаси кенгаши раиси Абдурашид Якубов. — Унга кўра, жабрланувчининг меҳнатга лаёқатсизлик даражаси Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан ўрганилди. ТМЭК хулосасига асосан ходимга иккинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланди ва унга 9 миллион 864 минг миқдорида бир йўла тўланадиган зарар миқдори тўлаб берилди. Шунингдек, ҳар ойда тўланадиган зарар тўлови суммаси ҳам чиқариб берилди.
Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, зарарни тўлаш суммаси жабрланувчининг эҳтиётсизлик даражасига қараб камайиши ҳам мумкин, лекин бу камайиш эллик фоиздан кўп бўлмаслиги қонунчиликда алоҳида белгилаб қўйилган.
Орзугул РУСТАМОВА,
“ISHONCH”