Welcome to Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ИШЛОВЧИЛАР ҲИМОЯСИ –  МУҚАДДАС ВАЗИФАМИЗ!

Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси вилоятимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги билан муборакбод этади!.

Қадрли юртдошлар, сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-иқбол, Ватанимиз равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз!

ТАРАҚҚИЁТ ОДИМЛАРИ:

унда касаба уюшмасининг ҳам ўрни бор

 

Инсон табиатан шундай яралган, меҳрга, ҳимояга эҳтиёж сезаверади. Оила бағрида меҳру оқибат ришталаридан паноҳ топганлигимиз сабаб унга интиламиз, дўстларимиз орасида ўзимизни бехавотир сезамиз. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: ходим ҳам ўзини ҳимояланган дея ҳис қилиши учун нима керак? Қайси ташкилот-муассасанинг ходимлари ишхонасига жону дилини бахш этиб, фидойилик билан ишлайди? Қайсики, шу корхонада ўз келажагини кўра олса, раҳбари исталган пайтда уни ишдан бўшатиб юбормаслигига ишончи комил бўлса. Бу туйғуни, иш берувчи ва ходим ўртасидаги ишончни айнан мана шу жамоат ташкилоти – касаба уюшмалари  пайдо қилади.

Суҳбатдошимиз – вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси раиси Мусаев Шуҳрат Мирсодиқович.

– Шуҳрат Мирсодиқович, истиқлолимизнинг 28 йиллик тантаналари яқинлашгани сари киши кўнгли алланечук туйғуларга ошно бўлади. Буни шукрона деймизми, фаровон кунлардан миннатдорликми ёки Ватан истиқболидан фахрланиш… Энг муҳими, ҳар бир ватандошимиз ўтаётган кунидан рози эканлиги. Бу жараёнда касаба уюшмаларининг ҳам ўзига хоҳ ҳиссаси, ўз саъй-ҳаракати бор…

– Юрти тинч, ҳаловатли элнинг баҳори ҳам, ёзи ҳам, кузию-қиши ҳам-қўйингки, ҳар бир куни файзли-тароватли бўлади. Дарҳақиқат, бугун жаннатмакон Ўзбекистонимизда мустақиллигимизнинг 28 йиллигини ўзгача шукуҳ билан, ўзгача ҳаяжон билан нишонламоқдамиз.

Ушбу байрам қутлуғ ва қадрли айём сифатида барчамизнинг қалбимизда энг улуғ, энг азиз фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Бугун ортда қолаётган йигирма саккиз йил тарих зарварақларидан жой олиб, эркин ва фаровон Ўзбекистонимиз чин маънода асрларга тенг қисқа вақт ичида нафақат минтақамизнинг, балким жаҳоннинг тараққиётга юз тутган мамлакатига айланганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Бу ютуқлар замирида озми-кўпми нодавлат ташкилотларнинг ҳам ҳиссаси бор. Шу жумладан, касаба уюшмалари ҳам истиқлолни мустаҳкамлаш, юртдошларимиз ҳаётига фаровонлик ва янгиланишлар олиб кириш борасида қатор хайрли тадбирларга қўл урмоқда.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси тизимида 3068 та касаба уюшма ташкилотларига бирлашган 424 минг 192 дан зиёд ходим ва талаба ёшлар ижтимоий ҳимояга олинган. Бу рақамлардан англаш мумкинки, касаба уюшма вилоятимизда ҳам бошқа жойларда бўлгани каби ижтимоий имкониятлари катта куч. Бу кучни янада ошириш, қамровимизни кенгайтириш борасида жорий йилнинг шу даврига қадар 1074 та кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган корхоналар касаба уюшмасига жалб этилди ва ушбу орқали 13374 нафар ходим касаба уюшмаси сафига олинди.

Сафимизни кенгайтириш учун кўплаб иш берувчилар билан учрашамиз, тарғибот тадбирларини ўтказамиз. Аксарият юртдошларимизда “Касаба уюшмаси – сиҳатгоҳга йўлланма берувчи ташкилот” деган қуйма хулосага шаклланган. Аммо бу бизнинг фаолиятимиздаги бирламчи афзаллик эмас. Биз, аввало, ходим ва иш берувчининг муносабатларини мувозанатга келтирамиз, ўз навбатида ходим манфаатларини ҳимоялаймиз, таъминлаймиз, бунинг учун музокаралар ўтказамиз. Аммо айрим иш берувчилар ўз ташкилотида касаба уюшмаси тузилса, ҳамма ходим “бебош” бўлиб кетадигандек, мажбурияти қолиб ҳуқуқини талаб қиладигандек, хулоса қилишади. Бироқ… Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида касаба уюшмаларининг хуқуқий мақоми белгиланган. Унга кўра, касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий хуқуқлари ва манфаатларини ифода этувчи ва ҳимоя қилувчи жамоат ташкилотидир. Демак, ходимлар хоҳласа, касаба уюшма ташкилоти тузиши ва унинг имкониятларидан тўсқинликларсиз фойдаланиши мумкин. Аъзолик бадали тўланишида иш берувчи чиқимдор бўлмайди, балки ходимлар ўз маошидан ихтиёрийлик асосида бадал пулини тўлаши мумкин.

Шунингдек, Меҳнат Кодексининг 21-модда 4-хатбошисига кўра “Ходимлар ва иш берувчиларнинг манфаатларини битта вакиллик органи ифода этиши ва ҳимоя қилиши мумкин эмас”. Бизда касаба уюшма тузишни пайсалга солаётган корхоналар кодекснинг айни шу талабини бузишмоқда.

Тўғри, ўз маблағи билан ташкил этган корхонада қабул қилаётган қарорлари ва ходимларга қўяётган талаблари муҳокамасиз бажарилишини ҳар бир тадбиркор истайди. Аммо бу истакларнинг нечоғлик қонуний, нечоғлик инсонпарвар бўлишини назорат қилгувчи меъёр мавжуд бўлмоғи шарт. Манфаатлар тарозининг икки палласига жойлашган вақтда уларни мувозанатга келтиришни айнан касаба уюшмаси зиммасига олади. Шу пайтгача касаба уюшмаси тузишни истамаётган кўплаб корхоналарда ишчиларнинг меҳнат муҳофазаси масаласи оғриқли нуқтага айланиб улгурди. Кўплаб текстил корхоналарида ходимлар узлуксиз ишлашади, у ерда ишлаб чиқариш гимнастикаси ташкил этилмайди, танаффуслар ва таътиллар, ҳомиладорлик ва бола парвариши учун дам олиш мавжуд эмас. Чангли, кимёвий унсурли, шовқинли шароитда ишлаётган ходимларга ҳимоя воситалари иш берувчи ҳисобидан олиб берилмайди, касб касаллигига чалинмаслик юзасидан амалий ишлар бажарилмайди. Натижада ёшгина қиз-жувонларимизда турли касалликлар (диск чурраси, карлик, бронхит ва ҳоказо) авж олмоқда. Ишчи кучининг кўплиги, одамларимизнинг кам ва номуносиб бўлса-да, доимий даромадга бўлган юқори эҳтиёжи иш берувчилар олдида кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Арзон ишчи кучнинг бисёрлиги эса у билан хоҳлаганча талаб  қўйишга шароит яратмоқда. Таассуфки бу каби  ҳолатлар  тизимли равишда таҳлил этилмаяпти, жамиятда умумий манзара ҳосил қилаётган вазиятга етарлича баҳо берилмаяпти. Соддароқ қилиб айтганда, ишлаб чиқарувчилар наздида инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминловчи меҳнат муҳофазаси, шахсий эркинлик ва ҳуқуқлари охирги даражага айланиб бормоқда. Хусусий секторда ишловчилар ҳам биз билан тенг ҳуқуқли юртдошларимиз, улар қачон дам олади, ишдан таътил олиш, оиласига, фарзандларига вақт ажратиш имкониятлари қанчалик, бу имтиёзлари таъминланмоқдами? Шу каби саволларга касаба уюшмаси тузиш орқали жавоб изламоқдамиз. Қувончли жиҳати ҳам шундаки, жамоат ташкилотининг имкониятларини тўғри баҳоловчи ташкилотлар, тадбиркорлар саноғи вилоятимизда ошиб бормоқда.

Инсон манфаатлари, ходимларнинг устувор ҳуқуқлари хусусида гап борар экан, мазкур кўрсаткичлар бевосита халқнинг розилиги, меҳнаткашнинг ўз иш жойига бўлган меҳри, эртасидан ишончи тўқлигига ишорани сезгандек бўламиз. Бунда асос бўлувчи ҳужжатлар, хусусан, жамоа шартномалари ва келишувларига киритилган имтиёзлардан вилоятдаги барча ишчи-ходим тўла фойдалана оляптими?

– Сиз тилга олган ҳужжатлар орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам бир қатор кўрсаткичлар қайд этилди. Келгусида бу кўрсаткичларни янада ошириш асосий мақсадларимиздандир.

Жумладан, Ўтган 7 ой давомида 3 млрд. 74.866 млн. сўм маблағ ходимларни ижтимоий иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси, маданий маърифий ва спорт тадбирлари ҳамда соғломлаштириш учун йўналтирилди.

Жумладан, Давлат дастури ижроси юзасидан пенсия ёшидаги шахсларга, ходимларни юбилей саналарига, ишламайдиган пенсионерларга, ёш оналарга, ходимларни фарзандларига чет тилларини ўргатиш учун, болали аёлларга, кам таъминланган ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам учун 506.4 млн сўм;

– боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари олиб бериш учун 32.1 млн сўм;

– олий ўқув юртларида таълим олаётган чин етим, кам таъминланган, иқтидорли талабаларнинг ўқув шартнома пулларининг қисман тўловлари учун 46.9 млн сўм;

– ёш оилаларга уй-жой қуриш ва фоизсиз ссудалар ажратиш учун 94.3 млн сўм;

– ёш ходимларга ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар ажратиш учун 64.4 млн. сўм;

– Янги йил тадбирлари учун 154.1 млн. сўм;

– ҳарбий хизматчилар, байналминалчи жангчилар, ички ишлар ходимлари, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари холидан хабар олиш учун 45.7 млн. сўм;

– Ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида, таълим, фан, маданият, соғлиқни сақлаш вақишлоқ хўжалиги тизимида самарали фаолият юритаётган ҳамда фаол хотин-қизларни рағбатлантириш учун 39.8 млн сўм;

– “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан моддий ёрдам ва рағбатлантириш ишлари учун 204.7 млн. сўм;

– 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” умумхалқ байрами арафасида меҳнат фахрийлари ва нуронийларнинг Самарқанд, Бухоро шаҳарларига ҳамда байрам кунлари Наманган шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлари учун 24.0 млн. сўм, шунингдек, уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, жангчи-фахрийларни қўллаб-қувватлаш учун 303.2 млн. сўм;

– байрам арафасида “Мурувват”, “Саховат”, “Меҳрибонлик” уйларига, махсус мактаб интернатларига ҳамда имконияти чекланган, ногиронларни қўллаб қувватлаш учун 7.5 млн. сўм сарфланди.

– Касаба уюшмалари томонидан меҳнаткашларга кўрсатилаётган ҳуқуқий ёрдам кўпчиликнинг қалбида ушбу жамоат ташкилотига бўлган ишончни кучайтирмоқда. Бу фикр рақамларга кўчганда мақсад янада ойдинлашгандек…

– Ҳуқуқни англаш, бу борадаги маданиятни юксалтириш ҳамда бепул юридик кўмак кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратаётирмиз. Ёрдам сўраб эшик тақиллатишдими, демакки, ташкилотга одамларнинг ишончи ўзгача. Шу кунгача 114 та мурожаатлар, шундан 45 таси ёзма, 47 таси оғзаки, 22 таси ишонч телефони орқали мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатлар ўз вақтида белгиланган тартибда ҳал этилиб, шундан 50 таси қаноатлантирилди. 56 тасига тушунтириш берилди, 6 таси иш юритувда, 1 таси тегишлилигига кўра бошқа органга юборилган. 1 таси аризачининг хоҳишига асосан кўрмай қолдирилди.

Иш берувчига қонунбузилиш холатларини бартараф этиш бўйича 5 та тақдимнома берилди, шундан 5 таси иш берувчилар томонидан қаноатлантирилди ва 4 млн 315 минг сўм иш ҳақи ундирилди.

Иш берувчилар билан олиб борилган музокаралар давомида 17 нафар ишчи-ходимлар мурожаатлари ижобий ҳал этилиб, ўз ишларига тикланишга эришилди.

Шу билан бирга фуқаролик ишлари бўйича судлар билан ҳамкорликда суд мажлисларида 21 нафар фуқароларни манфаатларида судларда иштирок этилди. Шундан 15 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлик ҳолати аниқланиб, ишчи ходимлар ишга тикланди ва 48.145.613 сўм иш ҳақлари ундирилди. Барча мурожаатлар ўз вақтида қонун талаблари асосида ўрганилиб, амалий ёрдам берилди.

Шу ўринда, яна бир қўшимча: ҳеч кимга сир эмас, мажбурий меҳнат масаласи. ХМТнинг конвенциялари ижроси доирасидаги фаолият, мониторинг бевосита касаба уюшмаларининг устувор вазифаларидан. Биз ҳар қандай ҳолатда мажбурий меҳнат, аёлларнинг камситилиши, бола ҳуқуқларининг бузилишига қаршимиз, бу йўлдаги кураш доим қизғин бўлади ва уни бартараф этишда аъзоларимиз билан ҳамкорликка таянамиз. Алоҳида таъкидлашни, юртдошларимизга етказишни хоҳлардикки, бу тушунчаларни йўқотишни сиз ҳам истаган, биз билан ҳамкор бўлган кунингиздан бошлаб, бу қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бера оламиз. Зеро,  тараққиётга бирлашганимиздагина эришамиз.

– Дунёда бизнинг миллат сингари болажон халқ бўлмаса керак. Зеро, ўзбек оғзидаги сўнгги луқмасини-да боласига илинади, фарзанди ташвишида уйқусиз тунларни тонгларга улайди. Алалоқибат, қилганларидан меҳрдан ўзга ҳеч нарса таъма қилмайди. Меҳр нонига қорнини тўйғазиб, оқибат суви-ла вояга етган фарзандлар ота-боболари сингари ҳаётни ҳамиша яхшиликларга буркашни шараф билишади. Ёзги соғломлаштириш жараёнида ҳаётимиз гулу райҳонлари бўлган болажонларга, келажагимиз эгаларига қандай шароит яратилди?

– Халқимизнинг азалий ва муқаддас одатлари, эзгу дунёқарашини ўз ҳаракат дастурларида ифода этаётган давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳам ёш авлодга оид тадбирларга алоҳида ёндашмоқда. Чунки бугунги ёшларнинг миллий тараққиёт занжирида олтин ҳалқага айланиши мустаҳкам келажак ва фаровонлик гаровидир.

Касаба уюшма ташкилотлари ишчи-ходимлар манфаатини ифода этаркан, бу тушунча доирасига аъзонинг оиласи, хусусан фарзандлари саломатлиги, мароқли ҳордиқ чиқаришини ҳам қамраб олишга интилмоқда. Айниқса, бу ҳаракат сўнгги йилларда янада яққол кўзга ташланаётир. Жорий йилда вилоятдаги стационар оромгоҳларда ёзги дам олиш оромгоҳларида 8000 нафар болалар соғломлаштирилди.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, жорий йилда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Соҳил” болалар оромгоҳи тўлиғича қайтадан бунёд этилмоқда. Куни кеча 2 та ётоқ корпуси, маънавият хонаси, ошхона, болалар майдончалари, сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Таъмирдан чиққан қисмида эса биринчи босқичда 110 нафар бола дам олдирилмоқда. Мазкур масканда айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда. Оромгоҳ дастлаб 200 нафар, тўлиғича ишга тушганда 400 болага қучоқ очиши режалаштирилган.

Оромгоҳ йил давомида фаолият кўрсатиши режалаштирилган. Шунингдек, ёндош ҳудудда ота-оналар учун ҳам дам олиш уйлари, спорт зал, мини стадион, аттракцион, теннис майдони, сузиш ҳавзаси қуриш режалаштирилган. Бу имкониятлардан мактаб ёшидаги болажонлардан ташқари, вилоят шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қилаётган спортчиларнинг тайёргарлик жараёнида ҳам фойдаланиш мумкин.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, вилоят бюджетидан жорий йилги соғломлаштириш мавсуми учун 500 млн. сўм сарфланиб “Лола” ҳамда 200 млн. сўм сарфланиб “Офтобча” оромгоҳлари таъмирланиб, фаолият юритди. Шунингдек, балансимиздаги “Камалак”, “Норин” каби оромгоҳларимиз фаолиятидан ҳам ота-оналаримиз жуда хурсанд.

Сиҳатгоҳларда ҳордиқ чиқариш масаласи…

– Ўтган 7 ой мобайнида ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 1087 нафар ишловчи ходимлар имтиёзли равишда санаторийларда даволандилар. Давлат дастурига асосан 74 нафар ишчи-ходим санаторийларда бепул соғломлаштирилди.

Жумладан, кам таъминланган, кўп болали аёллардан 18 нафар, фарзанд кўрмаган ёш оилалардан  14 нафар, ишлаётган кексалардан 14 нафар, тиббиёт ходимидан  9 нафар, таълим ходимидан 12 нафар, байналминалчи жангчилар, ногирон ва бошқалардан 7 нафарни ташкил этади.

Шунингдек, касаба уюшма маблағлари ҳисобидан 885 нафар ишловчи ходимлар ҳамда уларнинг яқинлари имтиёзли равишда санаторийларда ўз саломатликларини тиклаб қайтдилар.

 

­- Эзгу ишлардаги камарбасталик ҳамиша бардавом бўлсин. Суҳбат учун ташаккур.

 

­ Дилдора РАҲМОНОВА суҳбатлашди.

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!